Исломободда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди
Ноябрь 21, 2025. 10:47 • 3 дақ
• 162
ИСЛОМОБОД, 21 ноябрь. /"Дунё" АА/. Исломободда бўлиб ўтган анъанавий "Lok Mela – 2025" халқаро маданият ва туризм фестивалида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур фестиваль Покистонда миллий меросни асраш, ҳунармандчиликни ривожлантириш, халқ амалий санъати ва туризмни кенг тарғиб қилишга қаратилган энг нуфузли тадбирлар бири ҳисобланади. Тадбир ҳар йили миллионлаб маҳаллий ва хорижий меҳмонларни, санъат арбобларини, ҳунармандларни ва туризм саноати вакилларини бир майдонга бирлаштиради.
Мамлакатимиз элчихонаси томонидан фестиваль майдонида Ўзбекистон павильони ташкил этилди. Юртимиз павильони нафақат бой экспозицияси, балки замонавий техника ечимлар қўллангани ва юқори сифатли кўргазма инфратузилмаси билан ажралиб турди. Хусусан, Ўзбекистон учун ажратилган майдонда LED-экран, профессионал аудиоқурилмалар ва визуал намойиш ускуналари ўрнатилди.
Ўн кун давом этган халқаро маданий анжуманда йирик экран орқали юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти, жумладан, зиёрат, гастрономик, таълим, тиббий, қишки, экстремал, тиббий туризм имкониятлари, маданий ва тарихий мерос объектлари, ўзбек халқининг миллий анъаналари, амалий санъат намуналари ва Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиётига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.
Фестивалнинг очилиш маросимида Покистон миллий мерос ва маданият вазири Аврангзеб Хан Хичи иштирок этди. Вазир очилиш маросимидаги нутқида шу йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини алоҳида ёдга олди:
"Ўзбекистонга қилган сафарим мамлакатнинг бой тарихий, маданий мероси ва ўзбек халқининг меҳмондўстлиги билан яқиндан танишиш имконияти берди. Ўзбекистон диёри қадимдан нафақат Марказий Осиё минтақасида балки жаҳон тарихида муҳим ўрин эгаллаган, маданий цивилизацияга катта ҳисса қўшган. Бир сўз билан айтганда, мен Ўзбекистондан жуда катта таассуротлар билан қайтдим", – деди у.
Покистон маданият вазири Ўзбекистон павильонига ташриф буюрди ва фестивалдаги иштирок учун миннатдорлик билдирди.
Фестивалда Исломобод шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий либослари, рақс ва мусиқа санъати ҳамда амалий санъатининг кўп асрлик анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Уларга Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз, Қўқон ва бошқа шаҳарларимиздаги қадимий обидалар, Ипак йўли мероси, ўзига хос меъморчилик анъаналари ҳамда муқаддас қадамжолар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Халқаро маданий анжуман кунлари Покистоннинг йирик туроператорлари ва туризм агентликлари вакиллари билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро сайёҳлар алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан самарали музокаралар ўтказилди.
Туризм соҳаси вакиллари Ўзбекистон покистонлик сайёҳлар учун энг талабгор йўналишлардан бирига айланиб бораётганини ва юртимиз зиёрат туризмига қизиқиш йилдан-йилга ошаётганини билдиришди. Ўзбекистонга туристик виза расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилгани, Тошкентдан Исломобод ва Лаҳор шаҳарларига тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилгани икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш баробарида, Ўзбекистон йўналишида сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, 10 кун давом этган фестивалга жами 1,2 миллион киши ташриф буюрди.
Ўзбекистоннинг "Lok Mela – 2025" халқаро маданият ва туризм фестивалидаги иштироки нафақат юртимизнинг Покистон ҳамжамиятида ўртасида ижобий имижини шакллантириш ва маданий-тарихий меросимизга қизиқишни оширишга, балки Ўзбекистоннинг хорижий сайёҳлар учун очиқ, хавфсиз ва замонавий йўналиш сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси